Welcome to Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак

 

Шоқосим Шоисломов – таниқли ўзбек дипломати. Йигирма тўрт йил Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, шу жумладан, вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг Россиядаги ва Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз жамоатчилиги давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, сиёсий партиялар ҳамда жамоат бирлашмаларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнидаги иштироки ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлмоқда.
Хусусан, шу йўналишда касаба уюшмалари томонидан ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида янги ташкил этилган Ахборот-таҳлил маркази раҳбари Шоқосим Шоисломов билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

– Суҳбатимизни касаба уюшмалари фаолияти, уларнинг юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштирокидан бошласак.

– Аввало, таъкидлаш керакки, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам бошқа мамлакатлардаги сингари меҳнаткашлар ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган энг оммавий жамоатчилик ташкилоти ҳисобланади.
ЎКУФ тузилмасида ҳудудий ва тармоқ бирлашмалари мавжуд. Ҳозирги кунда 90 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлари бўлиб, уларнинг 5,1 миллион нафардан зиёд аъзолари бор. Республикада кечаётган ислоҳотлар жараёни касаба уюшмалари тузилмаларини ҳам мақбуллаштиришни талаб этди. Негаки, бугунги кунда иқтисодиётнинг янги тармоқлари шакл­ланмоқда, минглаб корхоналар барпо этилиб, у ёки бу жамоанинг идоравий бўйсунуви ўзгаряпти.
Шуларга мос ҳолда, биз ҳам фаолиятимизни бугунги давр­­га, талаб-вазифаларга мувофиқлаштиришга интиляпмиз.
Касаба уюшмалари ҳақида кўпчилик билади, бироқ уларнинг кундалик фаолияти тўғрисида нисбатан кам маълумотга эга. Кўпинча фуқаролар касаба уюшмаларини зарур ҳоллардагина моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиш, меҳнат таътили пайтида санаторийга ёки дам олишга йўлланма олиш, фарзандини ёзги оромгоҳга юборишда кўмак берадиган тузилма сифатидагина билади, холос.

Аслида эса асосий ишлар меҳнат жамоаларида, яъни заводлар, шахталар, фермалар, касалхоналар, мактабларда амалга оширилади. Масалан, гарчи бизда муаммолар ҳали кўп бўлишига қарамай, юртимизда бошқа кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, оммавий иш ташлашлар, ижтимоий можаролар, турли салбий ҳолатлар кузатилмайди.
Бунинг сабабини мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган оқилона сиёсат натижаси билан боғлаш мумкин. Сўнгги уч йил ичида ҳокимият вакиллари фуқаролар билан тўғридан-тўғри ишлашга ўтди, барча даражадаги мансабдорлар оддий инсонлар олдидаги ўз ­масъулиятини ҳис эта бошлади. Бугун ҳаётимиздаги янги талабларни тушуниб етишни истамайдиганлар эса ўз лавозимларидан озод этилмоқда. Шу боис агар қайсидир жамоада ходим асоссиз ҳолда ранжитилса, мисол учун, вақтида ойлик иш ҳақи берилмаса, ижтимоий имтиёзлардан маҳрум этилса, касаба уюшмаси қўмитаси раиси иш берувчини суд ёки иш ташлаш билан қўрқитиши шарт эмас. Аксинча, давлатимиз раҳбарининг халқпарвар сиёсатини, жумладан, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши лозимлигини эслатишнинг ўзи кифоя. Натижада ўзаро мақбул ечимга келинади ва муаммо ҳал бўлади.
Одамларнинг ўн йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларига доир мурожаатлар Касаба уюшмалари Федерацияси бўлимларининг доимий назорати остида. Уларнинг аксариятини ҳал қилиш катта молиявий маблағ талаб этмайди. Фақат инсоний муносабат билдириш, муаммони ўрганиш ва уни ҳал қилишда амалий ёрдам беришнинг ўзи кифоя.

– Касаба уюшмалари қуйи тузилмалари инсонларнинг кундалик эҳтиёжларини ҳал этишда фаол қатнашмоқда. Хўш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи сифатида қандай ишларни амалга оширяпти?

– Касаба уюшмалари жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасига кириб борган. Шу сабабли бизнинг умуммиллий вазифалардан ажралиб турадиган алоҳида вазифаларимиз бўлиши мумкин ҳам эмас.
Мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган Ҳаракатлар стратегияси ушбу улкан бунёдкорлик ишларида барчанинг фаол иштирок этишини назарда тутади. Фақат умумхалқ саъй-ҳаракатлари билан мана шу стратегик вазифани бажара оламиз. Аксинча, ҳозирги тезкор дунёда ривож­ланган давлатлар ёхуд трансмиллий корпорациялар учун хом ашё етиштириб берувчи мамлакат сифатидагина қолиб кетиш ҳеч гап эмас.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар жараёнидаги ўз роли ва ўрнини аниқ белгилаб олган. Қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун фаолиятимизга доир мана бу рақамларни келтириб ўтишни истардик.
Ўтган йиллар давомида касаба уюшмалари фаолиятида профессионал спорт, корхоналарда бўладиган оммавий жисмоний тарбия машғулотлари ва ишлаб чиқариш гимнастикаси тушунчалари унутилган эди. Сўнгги икки йил ичида давлат ҳомийлиги, корхоналар маб­лағлари ёрдамида бир пайтлар амалда бўлган, аммо кейинчалик эсдан чиқарилган бундай анъаналар қайта тикланди.
Оммавий югуриш кунлари, марафон ва веломарафонлар ўтказилмоқда. Ишлаб чиқариш гимнастикаси ва жисмоний тарбия машғулотлари нафақат меҳнат жамоаларида, балки маҳаллаларда ҳам ташкил этиляпти.
Шунингдек, бир пайтлар ўзбошимчалик билан олиб қўйилган қатор спорт иншоотлари яна касаба уюшмалари ихтиёрига қайтарилди. Касаба уюшмалари спорт жамиятига қарашли профессионал ҳамда ҳаваскор клублар фаолияти қайтадан йўлга қўйилди. Натижада бугунги кунда спортчиларимиз Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Бир ой илгари Наманганда халқаро стандартларга жавоб берадиган сув спорти саройи фойдаланишга топширилди. Бунга касаба уюшмаларининг 29 миллиард сўмдан ортиқ маблағи йўналтирилди.
Яқинда 4 та замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи қурилиши бошланганди. Улардан учтаси болаларни қабул қилмоқда. Тўртинчиси Мўйноқ туманида қурилаётир. Ушбу лойиҳалар учун 65 миллиард сўм ажратилган.
Биз реалист бўлишимиз керак ва турли объектив ҳамда субъектив сабаб­ларга кўра, юртимизда ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиғилиб қолганини аниқ тан олишимиз лозим. Бинобарин, шу муаммоларни ҳал этмай туриб, олдинга силжий олмаймиз.
Ҳудудлар у ёқда турсин, ҳатто пойтахтимизда ҳам аҳолининг кундалик ҳаёти билан боғлиқ кўплаб муаммоли масалалар йиғилиб қолган эди.
Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковга мамлакат раҳбарияти томонидан тошкентлик­лар ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, аҳоли билан бевосита жойларда мулоқот ўтказиш бўйича идоралараро комиссияга раҳбарлик қилиш тавсия этилиши замирида ҳам шу муаммоларга ечим топиш мақсади мужассамдир.
2018 йил августдан буён барча даражадаги мансабдор шахслар билан ҳамкорликда Шайхонтоҳур, Олмазор, Бектемир, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод ва Яккасарой туманларида 10 минг киши иштирокида 370 та маҳалла қамраб олинди. Бу ишга касаба уюшмалари фаоллари ҳам жалб қилинди.
Келтирилган рақамлар ортида минг­лаб одамлар тақдири ётибди. Шу боис ҳам барча фаолларимиз, яъни Федерация аппаратидан тортиб, тармоқ касаба уюшмаларининг республика кенгашлари, вилоят кенгашлари ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси раислари ҳам Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар дастурини амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Чунки улар ҳозирги шароитда бу жуда зарурлигини, юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ўзларининг дахлдорлигини, ҳар куни савоб иш қилиш кераклигини юракдан ҳис этмоқда.

– Фаолиятингиз давомида муаммо ва тўсиқларга ҳам дуч келасизми?

– Албатта, муаммолар йўқ, ҳаммаси кўнгилдагидек, десак, катта хато бўлади.
Ҳар қандай ижтимоий тузумда иш берувчи ва ходим ўртасида доимо манфаатлар тўқнашуви бўлади. Бу ҳолатда касаба уюшмалари улар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Улар ходимлар манфаатларини ифода этган ҳолда, иш берувчи томонидан ушбу манфаатларга амал қилинишини талаб этишлари лозим. Бу борада ҳали кўп ишларни бажаришимиз керак.
Биргина мисол: болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнат муаммосини олайлик. Ушбу муаммо фақат сўнгги йиллардагина ҳал бўлди.
Ёки бошқа бир масала – иш вақти меъёрларига амал қилиш билан боғлиқ. Маълумки, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг қирқ соатлик иш ҳафтасига доир Конвенциясини ратификация қилган. Бироқ амалиётда кўплаб иш берувчиларнинг қўшимча ишлаган ходимлар учун ҳақ тўланишига тўлиқ эришилмаяпти. Бу борада касаба уюшмалари қатъий позициясини кўрсатиши зарур.
Бироқ кўпинча шундай ҳолатларга дуч келамизки, хўжаликлар, фирма ва компаниялар, шу жумладан, қўшма корхоналар раҳбарлари ўз тузилмалари ҳузурида сунъий тўсиқлар яратган ҳолда, касаба уюшмалари ташкилотларини тузишдан бош тортмоқда. Албатта, улар корхонада меҳнат қонунчилиги талаб ва меъёрларига амал қилинишини назорат қиладиган, ходимлар ҳуқуқларининг чекланиши, ойлик маош, иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақнинг ўз вақтида тўланишини даъво қиладиган тузилма пайдо бўлишини хоҳламайди. Уларга қараб, қандайдир такаббур, касаба уюшмаси вакили ёки ҳокимият ходимини ўзидан паст деб кўрадиган янги қатлам шаклланмаяптими, деган хавотир пайдо бўлади. Бундай ҳаволаниш менталитетимизга мутлақо мос эмас.
Юзага келаётган шу ва бошқа муаммолар эндиликда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонуннинг қабул қилиниши билан тартибга солинади. Ушбу қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилади, ундан сўнг мамлакатимиз парламентига киритилади.

– Касаба уюшмаларининг халқаро муносабатлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Бу борада жонланиш сезиляптими?

– Барчамиз Ўзбекистоннинг узоқ ва яқин давлатлар билан очиқ бўлиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан ишончли, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга бўлган интилишига гувоҳмиз.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси охирги 2,5 йил ичида халқаро ташкилотлар, дунёнинг турли мамлакатларидаги ихтисослаштирилган тузилмалар билан илгари тўхтаб қолган алоқаларини қайта тиклади. Ушбу алоқаларимиз Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий муносабатларга фаол интеграциялашуви борасида олиб бораётган сиёсатининг таркибий қисми ҳисоб­ланади.
Биз бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, илғор тажрибани ўрганиш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш жараёнида фаол қатнашишимиз лозим. Зеро, бугун дунё ҳамжамияти юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда.
2017 йил сентябрда Россия мус­тақил касаба уюшмалари федерация­­си раиси М.Шмаков мамлакатимиз билан ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадида юртимизда бўлди. Ноябрда эса Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолларининг Бутунжаҳон касаба уюшмалари конфедерацияси раиси В.С.Щербаков билан учрашуви ўтказилди. 2018 йилнинг декабрида Халқаро меҳнат ташкилотининг бош директори Гай Райдер раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан юртимизга келди. Сал кейинроқ Тошкентда илк маротаба Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси ижроия қўмитаси йиғилиши ташкил этилди.
Яна бир мисол. Ўтган йилнинг апрель ойида бўлган «Ҳаракатлар стартегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуидаги йирик халқаро конференция­­да Федерациямиз раҳбарининг бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз миқёси, йўналиши ва қамрови бўйича дунёда ўхшаши йўқдир, дея айтган фикрини иштирокчилар тўлиқ тасдиқлашди.
Тарихимизда илк маротаба бировлардан ўрганиб қолмай, ўз тажрибамиз билан ўртоқлаша бошладик. Эътиборлиси, бу тажриба ҳамкорларимизда катта қизиқиш уйғотяпти.
Шу ўринда муҳим жиҳатни алоҳида қайд этиш зарур, кўплаб хорижий мамлакатлардан фарқли ўлароқ юртимизда давлат ҳокимияти органлари, ҳукумат ва касаба уюшмалари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар йўқ. Ўзбекистондаги ислоҳотлар аниқ ижтимоий йўналишга эга ҳамда халқ ва ҳар бир фуқаро манфаати йўлида амалга оширилаётир. Бу касаба уюшмаларининг устав вазифаси ва мақсадларига тўла мос келади. Кўплаб хорижий давлатларда эса бошқача ҳолатни кузатиш мумкин.
Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий ҳамкасбларимиз меҳнатсеварлик ва уддабуронлик, ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ҳалоллик сифатини ўзлари учун кашф этмоқдалар. Улар Тошкентда ва ҳудудларимизда билимли, ватанпарвар, «тоғни талқон қиладиган» кўплаб ёшлар билан учрашди. Ана шу жараёнда уларнинг аксарияти илгари ёпиқ бўлган ушбу мамлакатда бу каби ҳолатни кўраман, деб ўйламаганликларини очиқ тан олди. Айни чоғда меҳмонлар истеъдодли ва ғайратли халқимиз, бой ресурсларимиз, минг йиллик тарихимиз билан давлатимиз қандай қилиб халқаро рейтингда паст ўринларда қолганига ҳайрон.
Ҳақиқатан ҳам, тўхтаб қолганимизни тан олишга мажбурмиз. Шу боис жадал суръатлар билан бой берганларимизнинг ўрнини тез фурсатда қоплашга интиляпмиз.
Зиддиятлар чуқурлашиб боришига қарамай, жаҳондаги етакчи давлатлар биз билан фаол ҳамкорлик қилиш истагини билдирмоқда. Улар бизнинг сиёсий-иқтисодий имконият ҳамда истиқболимизни яхши ҳисоблаб чиққан ва Ўзбекистон билан минтақадаги етакчи давлат сифатида ҳамкорлик олиб бориш ҳақида аниқ тўхтамга келган.
Аммо хорижий тажрибаларга кўр-кўрона тақлид қилиб бўлмайди, айрим тенденцияларга, бизнинг шароитга тўғри келмайдиганларига танқидий нуқтаи назар билан ёндашиш жуда муҳим.

– Бу борада Сиз дипломатик таж­рибангиздан келиб чиқяпсизми?

– Буни билиш учун 20 йил давомида мамлакатдан ташқарида ишлаш шарт эмас. Бугун жаҳон ахборот маконида материаллар денгиз кўпигидан ҳам кўп, уларнинг барчасини ўзингдан ўтказиб, уларга танқидий нуқтаи назар билан қараш ва дунёқарашинг, тўплаган билим ва ҳаётий тажрибанг асосида солиштириб чиқишинг керак.
Касаба уюшмалари сиёсат билан шуғулланмайди – бу барчага маълум. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнимиз бор. Шунга қарамай, бизнинг ёки хорижлик ҳамкорларимизнинг фаолиятига нохолис ёндашувлар унда-бунда кузатилади. Масалан, МДҲ касаба уюшмалари тузилмаларига нисбатан кўпинча киноя билан «заиф, бўш, тиши ўтмас ёки ҳукумат манфаатига хизмат қилади», деган фикр айтилади. Бу айблов ким томонидан тузилганлиги ноаниқ, мақсади ноаён халқаро жамғарма ва ноҳукумат ташкилотлар томонидан тўқилгани ҳеч кимга сир эмас.
Яхши маълумки, кўпгина мамлакатларда ҳукуматлар вақти-вақти билан муддатидан олдин ўзгариб туради. Буни бизга демократик тузилиш, халқ иродаси, деб уқтиришади. Аслида эса навбатдаги сайловлардан кейин ҳокимият тепасига янги ҳукумат келган ва ярим йил ўтгач одамлар сайловолди кампанияси чоғида берилган ваъдалар қани, деб сўраётган бўлади.
Бир йилдан сўнг эса электорат янги ҳукумат аввалгисидан ҳеч ҳам фарқ қилмаслигига ишонч ҳосил қилади ва бунинг натижасида ҳаммаси навбатдаги тўнтариш билан якунланади. Янги сайлов­олди тадбирлари ва митинглар даври бошланади. Унинг тўлқинларида популистларнинг янги жамоаси навбатдаги бир ярим-икки йилга ҳокимият тепасига келиб олади…
Улар турли-туман кўринишда бўлиши мумкин, аммо моҳият ўзгармайди. Моҳият шуки, вазиятга қараб, демократик қадриятдан кўпинча ваъдабозлар ва популистлар фойдаланади. Улар ҳокимиятни эгаллаб олиб, вақти келганда аниқ биладики, мамлакат иқтисодиёти тўхтаб қолган, у йилига фақат 0,5-1 фоиз ўсаётир холос. Шу ҳолатда иш ҳақини 20 – 25 фоизга ошириш ҳақидаги ваъдани таъминлаш имконсизлигини тушунадилар…
– Биздаги воқеликка бунинг нима алоқаси бор?

– Тўғридан-тўғри алоқаси бор. Гап шундаки, бой тажрибага эга бўлган халқимизга умуман мос келмайдиган Ғарбга хос «демократия» ёхуд «эркинлик», «юқори яшаш стандарти»ни тиқиштиришга уриниш, бир зум бўлсин, тўхтагани йўқ. Бу алоҳида катта мавзу. Аммо шу ўринда ана шундай «тиқиштиришлар» ҳосиласи бўлган бир ҳолатни айтмасак бўлмайди. Беш ёшли набирам компьютер ўйинлари, планшет ёки смартфонни яхши тушунади, Бэтмен, Покемонни ёддан билади, аммо Алпомиш кимлигини айтиб беролмайди. Уруш, ўлдириш, зўрлаш саҳналарига тўлиб-тошган Ғарб мультфильмларини катта қизиқиш билан кўради ва уни гоҳида бу томошалардан чалғитолмайсан ҳам. Ўзбек мульт­фильмлари, довюрак эртак қаҳрамонлари намойиш этиладиган фильмларни кўришни истамайди. Боз устига, улар жуда оз. Охирги пайтда ушбу муаммога алоҳида эътибор қаратилаётгани кишини қувонтиради.
Тескари аксиомани қарангки, олдинга интилишимиз, қўйилган мақсадга тез фурсатда эришиш учун, биринчи ­навбатда, ривожланган мамлакатлардан давлат тузилишининг оптимал моделларини ўрганишимиз, ҳамкорликда илғор технологияларни жалб этиб, ўзаро фойдали қўшма инвестицион лойиҳаларни рўёбга чиқаришимиз керак бўлади. Ҳозирги даврда альтруист ва филантроп­лар (беғараз, ўз мақсадларини кўзламасдан ёрдам берувчилар) йўқлигини эсимиздан чиқармаслик, кўзлаган фойдани олиш учун бизнес олиб борувчилар учун қулай шароит яратиб бериш ҳам айни заруратдир.
Масалан, Шимолий Европа давлатлари – Норвегия, Швеция, Финляндия турмуш даражасига ҳавас билан қараймиз. Уларда давлат, бизнес ва касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро муносабатнинг ноёб модели мавжуд. Ҳамма нарса аниқ тақсимланган. Уларда давлат шароит яратиб беради, бизнес иқтисодиётни ҳаракатлантиради, касаба уюшмалари эса корпорациялар даромадлари барча жараён иштирокчилари ўртасида адолатли тақсимланишини кузатиб боради, ходимлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўймайди.
Халқаро тажрибани ўрганиш жараёнида ана шундай илғор жиҳатларни ўз менталитетимизга мослаб, жамият ҳаётига татбиқ этиш имконига эга бўляпмиз.

– Назаримда, биз белгилаб олган мавзуимиз доирасидан анча чиқиб кетдик. Аммо бугунги кунда кечаётган жараёнлар ва уларни Ўзбекистон манфаатидан келиб чиққан ҳолда амалиётга татбиқ этиш барчамиз учун қизиқарли бўлса керак…

– Катта авлод вакиллари яқин ўтмишимиздаги воқеаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида уларни ўзаро солиштириб кўриш, нафақат солиштириш, балки мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли янгиланишларга татбиқ этиш имконига эга. Шу маънода айтадиган бўлсак, сўнгги вақтларда юртимизда одамлар кайфияти ва муҳит ўзгарди, халқимизда келажакка бўлган ишонч янада юксалди.
Буни юртдошларимизнинг телевидение орқали берилаётган янгиликларни мунтазам кузатиб бораётгани ёки босма нашрларга бўлган қизиқиши ортганидан ҳам билиш мумкин. Бир неча йил илгари чойхона, оила, иш жойида навбатдаги қарор ёки Фармоннинг мазмун-моҳияти, энди иш бошлаган корхона истиқболи, қишлоқларимиздаги ўзгаришлар бунчалик қизғин муҳокама қилинганлигини ҳеч кузатмаганмиз.
Дарҳақиқат, юртдошларимиз муаммоларни муҳокама этиб, уларни ҳал қилишга эришмоқда. Узоқ қишлоқда яшаётган аҳоли вазир билан мулоқот қилиб, унга савол бериши мумкинмиди? Бунақасини, ҳатто телевизор орқали ҳам кўрмаганмиз. Ҳоким ўз кабинетидан чиқиб, фуқаролар билан учрашувлар ўтказганмиди? Шу йўл билан тўпланиб қолган муаммолар ҳал этилганми?..
Иқтисодиётимиз, ижтимоий ҳаётимиздаги реал ишлар аҳволи тўғрисидаги барча маълумотлар очиқ эълон қилинмоқда. Натижада айрим хорижий танқид­чиларнинг нони яримта бўлди. Чунки ўзимиз камчиликларимизни яширмай гапиришга ўргандик.
Башанг кийиниб, минбарларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари тўғрисида чиройли гапираётган хорижлик жанобнинг гапига кўпам ишонаверманг. Унинг гапидан кўра, тақдир тақозоси туфайли ёш болалари билан ота-онасининг уйида сиқилиб яшаётган онага давлат томонидан уй берилгани, унинг ишлаши учун тикув цехи ва болалар боғчаси ишга туширилганлигига оид ахборот минг марта қимматлироқдир.
Қисқаси, бугун юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар биримиз учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, зарур натижаларга эришилмоқда. Биз ривожланиш йўлига чиқиб олдик. Буларнинг барчаси, пировардида жаҳон ҳамжамиятидан ўз ўрнимизни топишимизга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Р. АЛИШЕРОВ суҳбатлашди.
Манба: «Халқ сўзи» газетаси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!